Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ДХХ, ИИВ, Миллий гвардия ҳамда “Нукус Вино заводи” АЖ ходимлари билан ҳамкорликда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи сифати кафолатланмаган алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди
Нукус шаҳрида олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаро “шартли харидор”га қўлбола усулда ишлаб чиқарилган, қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган 600 дона шишада “Қаратау” ёзувли 300 литр алкоголь маҳсулотларини жами 18 млн сўм пул эвазига, ҳудди шундай яна бир тадбир давомида эса бошқа бир фуқаро 330 литр сифатсиз алкоголь маҳсулотларини 12,6 млн сўм пул эвазига сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, 1499 шишада жами 765 литр қўл-бола усулда тайёрланган қалбаки акциз маркаларлари билан қадоқданган “Qarataw” ёзувли алкоголь маҳсулотлари далилий ашё тариқасида вақтинча сақловга олинди.
Шу ўринда ўринли савол туғилади: юқорида атаб ўтилган алкоголь маҳсулотлари қўлбола усулда қаерда ва қай тартибда ишлаб чиқарилмоқда? Масъуллар томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида сифати кафолатланмаган алкоголь маҳсулотларини тайёрлаш билан шуғулланиб келган бир қатор “Яширин цех”лар фаолиятига чек қўйилди.
“Беруний-Нукус” йўналишида айланма чўл ҳудудидаги йўлларда ҳаракатланиб келган Ўзбекистон фуқаросига тегишли бўлган “Captiva” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, мазкур автотранспорт воситасида 40 дона пластмасс идишларда 800 литр этил спирти борлиги аниқланди.
Шундан сўнг, мазкур фуқарога тегишли бўлган Нукус шаҳридаги хонадонлар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, уларнинг биридан 130 дона “Қаратау” ёзувли ароқларни қадоқлаш учун мўлжалланган плёнкалар, иккинчисида эса 823 дона “Қаратау” ёзувли қадоқлаш плёнкалари, 47 дона акциз маркали ва 12 дона акциз маркасиз “Қаратау” ёзувли ароқлар сақланиб келинаётганлиги фош этилди.
Олинган тезкор маълумотлар асосида, тадбир давом эттирилиб, бошқа бир фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган 22 кг. алкоголь маҳсулотларини қадоқлайдиган плёнка, 2,5 литр қўл-бола усулда тайёрланган алкоголь, 1090 дона қалбаки акциз маркалари, 3168 дона “QR код”ли стикер, 14 дона елим, 2 дона 50 литр ҳажмдаги пластмасса идиш, узунлиги 4 метр бўлган газ шлангаси, 975 дона қадоқлаш плёнкаси, 15843 дона “Қаратау” ёзувли ёрлиқ, 955 дона шиша идиш пробкаси, 45 литр фильтр сув, 1 дона спиртометр ва 30 дона 5 литрли ҳажмли “Антисептик” ёзувли бўш елим идишлар борлиги аниқланди.
Янги йил байрами арафаси, алкоголь маҳсулотлари савдоси одатдагидан ҳам кўпаядиган айни кунларда аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган қўлбола усулда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётган яширин цехлардан яна бири Хўжайли туманида жойлашган экан. Олдиндан кузатувга олинган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган 25 дона елим идишда 53 литр спирт, 60 дона 20 литр ҳажмли ва 98 дона 5 литр ҳажмли бўш елим идиш, 9 дона елим идишда 90 литр “қизилмия” илдизи шарбати, 4 дона елим идишда 40 литр гилос шарбати, 1,5 кг қуритилган “қизилмия” илдизи, 800 дона “Nukus Vin Zavod” ёзувли қадоқлаш плёнкаси, 328 дона 0,7 литр ҳажмли бўш шиша, 30 дона 0,45 литр ҳажмли “Qarataw” ароғининг қоғоз қутиси, 580 дона шиша қопқоғи, 226 дона сиғими 0,7 литр ҳажмли “Qarataw” ароғининг қоғоз қутиси, 190 дона ароқ шишаси елим пробкаси ва 172 дона ароқ шишаси қопқоғи борлиги аниқланди.
Тезкор тадбирлар давомида аниқланган товар моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинди. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.