Баҳодир БАҲРОМ шеърлари


Channel's geo and language: Kazakhstan, Kazakh
Category: Other


Канал ёш шоир Баҳодир Баҳром ижоди ихлосмандлари ташаббуси билан очилди.

Related channels

Channel's geo and language
Kazakhstan, Kazakh
Category
Other
Statistics
Posts filter


* * *
Етар, шунча ичимга ютдим,
Тўрт фаслим ҳам, қара, қиш она.
Музликлардан тайриниб ўтдим,
Йўқдир ҳануз гулдан нишона.

Ўтиб кетди қаршимдан ўн йил,
Оғу ичдим, шаробга қўшиб.
Ўн йил бўлди, кулолмайди дил,
Яшолмайман ўн йилки, жўшиб.

Олислардан ёғду сочар бахт,
Умрим жодир қатим нурида.
Ҳануз қалбим ҳижронга пойтахт,
Висол фақат тасаввуримда.

Қачонгача кўз ёшдай тўлиб,
Кипринингдан сирғаламан мен?
Юрагимни беш қўллаб юлиб,
Мажақласам оларманми тин?

Қачонгача юзга табассум
Сувратини ўтарман чизиб?
Яшасайдим бир лаҳза, бир зум,
Бахтни ипга мунчоқдай тизиб.

Суянганим Тангридир фақат,
Ишонганим ғам тўла қўшиқ.
Топганим бир аччиқ муҳаббат,
Асраганим кўнглимдаги ишқ.

Ишқ сўзида эсмайди беҳишт,
Ишқ сўзида ловуллайди чўғ.
Кулгулари жарангламас ҳеч,
Ишқда нечун бахтиёрлик йўқ?

© Баҳодир БАҲРОМ


ҚАДИМИЙ ОДАТ

Шундай бир одат бор Палангдарада,
Балки бу расмдир ҳамма ёқда ҳам.
Миқ этмай туради узумзорларда
Енгин ҳилпиратиб сонсиз чўп одам.

Жамики инсон бор ишонар унга,
Кетмас деб бошига ёғса ҳам тошлар.
Чўп одам қўрқади куз келишидан,
Куз келса кетади дўстлари ташлаб.

© Баҳодир БАҲРОМ


* * *
Мен сени жонимдан ортиқ севаман,
Жонимни бераман фақат бир сенга.
Кўнглимга ўзингдай яқин аёлу,
Ўлгунимча етар бахт бергин менга.

© Баҳодир БАҲРОМ




СЕНИ СЕВАМАН, ШАБНАМ

Шамолми, шитирлаган,
Депсиндими ё отим?
Тонг бағрида титраган
Шабнам менинг ҳаётим.

Бу хушхабар, ё хатар
Не бўлса ҳам майлида.
Кўнглим сени ахтарар,
Шабнам, гуллар сайлида.

Асли сенсан ҳаётим,
Юракдаги оҳим сен.
Майсазор бағрида жим,
Ухлаётган моҳим сен.

Тунда юлдуз учдими,
Ё қуёшми жисмингда.
Айт, парилар тушдими,
Наҳот ҳурлар измингда.

Ҳайронман. Қандай шунча
Жозиб сенда мужассам.
Висолингдан маст ғунча
Тебраниб қўяр дам-дам.

Асли сенсан ҳаётим,
Юракдаги оҳим сен.
Чаманзор бағрида жим,
Ухлаётган моҳим сен.

Сени севаман шабнам,
Қачон англаб етасан?
Қўлимга олай десам,
Дарров қочиб кетасан.

© Баҳодир БАҲРОМ


ТЕРАКЗОРЛАРИМ

Мен яна келдим, теракзорларим.
Сирожиддин Саййид

Болаликнинг олис хотирасига
Етармикан чексиз юрак зорларим?!
Бошингни силаган шуълалар қани?
Бағрингга қайтдим мен, теракзорларим.

Новдаларинг ўсиб войиш бўлибди,
Шўхликлар йил ўтиб ташвиш бўлибди,
Бошингдан кўп савдо ўтибди менсиз,
Қўшиғинг энг маҳзун хониш бўлибди.

Дарё қирғоқлари пойингни ўпиб,
Илдизинг қирқмоққа шайланибди, заб.
Сен ўсгин, қўрқма ҳеч, томирларингни
Асрайман юрагим тубига жойлаб.

Бағрингга қайтдим мен, теракзорларим,
Шеър ёзмоқ истадим япроқларингга.
Кел энди, бир лаҳза мизғиб олайин,
Бошимни қўйганча оёқларингга.

© Баҳодир БАҲРОМ


Агар шеър нимадан яралади, деб савол берилса, ҳар ким ҳар хил вазиятда бир-бирига ўхшамаган жавобларни бериши аниқ. Кимдир армондан, кимдир муҳаббатдан, биров орзудан, биров ҳижрондан... шеър туғилади, дейиши мумкин. Мен Баҳодир Баҳромнинг ижод намуналарини ўқирканман, ҳақиқий шеър соғинчдан туғилади, деган тўхтамга келдим.

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири.


Севгилим, севгимиз эмас фарёдли,
Бироқ қувонч бермас, абадул-абад.
Айрилиқда севги нақадар тотли!

© Баҳодир БАҲРОМ


* * *
Сенга термулсайдим бесўз, бейиғи,
Кўзимда бир дунё яратолсайдим.
Севгилим, севгида мангу қолсайдим,
Севгилим, бўғзимда армоннинг тиғи.

Ҳижрон азобига етар иродам,
Етмайди, унутиш… (Шафқат қил худо!)
Яшаса истаги, руҳидан жудо,
Яна нима қилсин севиб бир одам.

Юракни қирғичдан ўтказди ҳаёт,
Аммо парчаланмас кучдир муҳаббат.
Кўзларинг кўзимда мангу барҳаёт.

Севгилим, севгимиз эмас фарёдли,
Бироқ қувонч бермас, абадул-абад.
Айрилиқда севги нақадар тотли!

© Баҳодир БАҲРОМ


Юракни қирғичдан ўтказди ҳаёт,
Аммо парчаланмас кучдир муҳаббат.
Кўзларинг кўзимда мангу барҳаёт.


***
Сенга термулсайдим бесўз, бейиғи,
Кўзимда бир дунё яратолсайдим.
Севгилим, севгида мангу қолсайдим,
Севгилим, бўғзимда армоннинг тиғи.

Ҳижрон азобига етар иродам,
Етмайди, унутиш… (Шафқат қил худо!)
Яшаса истаги, руҳидан жудо,
Яна нима қилсин севиб бир одам.

Юракни қирғичдан ўтказди ҳаёт,
Аммо парчаланмас кучдир муҳаббат.
Кўзларинг кўзимда мангу барҳаёт.

Севгилим, севгимиз эмас фарёдли,
Бироқ қувонч бермас, абадул-абад.
Айрилиқда севги нақадар тотли!

© Баҳодир БАҲРОМ


Ташаккурим сизга, майда одамлар,
Сўрган бўлсангиз ҳам гар илигимни.
Сўнги иқрорим шу, сиз бўлмаганда,
Сезмасдан ўтардим улканлигимни.

© Баҳодир БАҲРОМ


ГУЛЛИВЕРНИНГ СЎНГИ ИҚРОРИ

Салом! Мен Гулливер сизга келгунча,
Неча асрларни яёв кезмадим.
Орзуларим улкан бўлса ҳам, гарчи
Майда одамларга боғлиқ қисматим.

Руҳимга найзасин санчади ҳар кун,
Қоплаб туз сепади яраларимга.
Ўтган йиллар гувоҳ, юрар тутоқиб,
Сиғдиролмай жажжи давраларига.

Минглаб ўқ юракка жойлашди муқим,
Юракда жон берди миллион-миллион ўқ.
Жами оғриқ бўлса менга тегишли,
Оғриқсиз зотларга шикоятим йўқ.

Терим қалин бўлди сизга келгунча,
Ё найза заҳрига ўрганди этим.
Шунчаки, сизларга ачиндим холос,
Нолимадим, тақдир худодан, дедим.

Ташаккурим сизга, майда одамлар,
Сўрган бўлсангиз ҳам гар илигимни.
Сўнги иқрорим шу, сиз бўлмаганда,
Сезмасдан ўтардим улканлигимни.

© Баҳодир БАҲРОМ


ҲАЛОЛЛИК ҲАҚИДА СУҲБАТ

- Қўлим тоза, худога шукр,
Ота, ҳали руҳим ҳам тетик.
- Бу аъмолинг яхшику, болам,
Бироқ нечун бошгинанг эгик?

- Меҳрим баланд тупроққа ота,
Шу тупроқда энг олий битик.
- Тупроқдан ранг олмоқ яхшию,
Бироқ нечун бошгинанг эгик?

- Ёшман бироз. Бордир андиша,
Ҳаётга ҳеч боқолмайман тик.
- Андиша ёр бўлсин ҳамиша,
Бироқ нечун бошгинанг эгик.

- Ота, руҳим тетик чиндан ҳам,
Юрагимга хосдир ҳалоллик.
Балки шундан менга ҳамроҳ ғам,
Балки шундан бу бошим эгик.

© Баҳодир БАҲРОМ
15.01.2018


ЁМҒИРЛИ КЕЧА

Юрагимда армон кўтарди исён,
Осмон салтанати кетди емрилиб.
Сени қандай қучай, топиб бер имкон,
Нечун ёмғир бўлиб келдинг севгилим.

Юрагим сукутнинг бағрига отдим.
Сукут — армонимга тор келган тобут.
Ҳижрон ҳовлисида дарахтдай қотдим,
Сўнг оловга дўндим, чақмоқлар шоҳид.

Тилим айланмади кел демоқликка,
Деразам очмоққа ярамади қўл.
Бизни бўғизлади шафқатсиз тақдир,
Сен томчи сув бўлдинг, мен бир сиқим кул.

Қамарни қайт қилди очофат булут,
Чала қолган тушдай йўқолдинг ногоҳ.
Юрагинг ойнамда ҳолсиз жон берди,
Наҳотки, юрагинг ўлди гулимоҳ.

18.10. 2009
© Баҳодир Баҳром


ОНА СОҒИНЧИ

Бемажол қўл, буришган товон,
Ажинли юз, ғубор босган кўз.
Тошкентга йўл олган нигоҳлар,
Кўрпа қавир супада нимдўз.

Умид каби оқ либос кийган,
Хаёл каби тўзғиган сочлар.
Тонгги шафақ туққан шабнамдай,
Қароғида покланар ёшлар.

Чўнтагида бир парча расм,
Осиқ турар дарахтда гуппи.
Қўшёнғоқни кўтарганча даст,
Йироқларга кўз тикар супа.

Оташ меҳри ўғлини кутар,
Недир ғажир юрак қўрини.
Онасини ўйламас ўғил,
Ўйлар кеча ёзган шеърини.

© Баҳодир БАҲРОМ


АКСИОМАЛАР

*
Зиғирёғнинг сут каби кўпирганин кўрганман,
Кичиккина жилға жарни ўпирганин кўрганман.
Бетовфиқ ўғлин ота оқ қилиб, ўлгач эса
Бошпана санаб қабрин супурганин кўрганман.

*


Кўриб қолдим тунов кун тошбақа учиб ўтди,
Бир юлдузча тап тортмай қуёшни қучиб ўтди.
Ҳайвонот боғида мен шернинг шерини кўрдим,
Унга қуён ташласам, сесканди, чўчиб ўтди.

*
Думида туриб илон рақс тушди куни кеча,
Келтиришганди тутиб ўрмондан уни кеча.
Лол эди, ҳайрон эди, илонларнинг барчаси,
Кўзойнакдан боқишди, ҳавас қилишди пича.

*

Кўрдим бир одамни мен хомуш эди, ғам босган,
Сездирмайин дейдию, киприк остин нам босган.
Юлдузлик қилиб даъво, қафаси келиб тор ё
Иктагина сўз билган тўтиси ўзин осган.

***
Кўрганим шеърга солсам, айтинг не улги бўлар,
Кимга сохта йиғию, кимга чин кулги бўлар!
Бу дунёда яшашни думини бигиз қилган,
Ҳаммани чув туширган шу содда тулки билар.

© Баҳодир БАҲРОМ


Бу дунёда олов кечиб яшаяпман,
Бу дунёда олов ичиб яшаяпман,
Шу оловли дунё ичра пойларингга,
Қара жоним, қизғалдоқлар тўшаяпман.


ОЛОВ БЎЛДИМ

Бу дунёда олов кечиб яшаяпман,
Бу дунёда олов ичиб яшаяпман,
Шу оловли дунё ичра пойларингга,
Қара жоним, қизғалдоқлар тўшаяпман.

Ёняпман-у, миннатдорман баҳоримдан,
Чўғим бисёр, харид айла бозоримдан,
Кел-ей, жоним қўлларингни қўлимга бер,
Бармоқларинг куртак ёзар изҳоримдан.

Сен гул бўлдинг, менчи кулнинг ибтидоси,
Сен бахт бўлдинг, менчи ғамнинг бир нидоси.
Муҳаббатни оз-оз ўлчаб берай десам,
Юрагимда ишқ бор фақат, йўқ тарози.

Мен ишқингда ёнар бўлдим, тонмагайман,
Умрим адо бўлсин, ёниб қонмагайман.
Эй, дилоро кўзларингда қуёш кўрсам,
Ўзим зарра санарман бас, ёнмагайман.

© Баҳодир БАҲРОМ


ТОҒЛИК БОЛАЛАРГА

Хайрулла ака учун

Улканлашар соғинч кўксингда,
Гўё босиб қолар Ер шарин.
Баланд-баланд тоғлар бағрида
Мангу тирик хотираларинг.

Югурасан тик қояларда,
Бургут мисол билмайсан ҳадик.
Майсаларга бош қўяр қирда,
Самоларни қучган болалик.

О, унутиб бўларми, сира,
Шамол эркалаган оҳангни?!
Қўшиқ куйлаб, тўшини силаб,
Сигир соғиб турган онангни.

Пешайвоннинг бир бурчагида,
Орзулардан чиқариб қанот.
Бир болғаю, битта мих билан
Ясаяпсан улкан самолёт.

Сўнг юрасан, ботгунча офтоб,
Эргашади қўй-қўзиларинг.
Қўлингдаги сеҳргар - китоб
Кўзларингга тўкар сирларин.

Оқшом ҳазин сукунат тутар,
Баланд тоғлар этакларини.
Тушингда ҳам кўриб чиқасан
Отанг айтган эртакларини.

Сипқорасан зилол сувларин
Бешбармоқнинг булоқларидан.
Куч оласан, қувват оласан,
Адирлари, ўтлоқларидан.

Улғаясан, хуррам, бахтиёр,
Капалакни яхши кўрасан.
Эй болакай, кўкка интизор –
Сен фалакни яхши кўрасан.

Сой ёқалаб борган сўқмоқлар,
Мактаб томон йўл очар шўхчан.
Устоз сенга берган сабоқлар
Вужудингда ёқади гулхан.

Билим боғи чексиз, беҳудуд,
Қалбда улкан ҳавас уйғотар.
Теваракка боқасан хушнуд,
Орзуларинг тонг каби отар.

Лол боқади тоғ боласига,
Маҳв этасан нечаларини.
Тўлдирасан тоғ нафасига
Лондон, Париж кўчаларини.

Хотирангни безар, то ҳаёт,
Болаликнинг шодон чоғлари.
Сенга тутиб турибди сабот
Нуротанинг азим тоғлари.

Энди маҳкам боғла белингни,
Жонсарак бўл, жон пайваста бўл!
Қаддин баланд кўтар элингнинг,
Ватан учун камарбаста бўл!

Фахриддин Ҳайит

20 last posts shown.

200

subscribers
Channel statistics