ТОҒЛИК БОЛАЛАРГА
Хайрулла ака учун
Улканлашар соғинч кўксингда,
Гўё босиб қолар Ер шарин.
Баланд-баланд тоғлар бағрида
Мангу тирик хотираларинг.
Югурасан тик қояларда,
Бургут мисол билмайсан ҳадик.
Майсаларга бош қўяр қирда,
Самоларни қучган болалик.
О, унутиб бўларми, сира,
Шамол эркалаган оҳангни?!
Қўшиқ куйлаб, тўшини силаб,
Сигир соғиб турган онангни.
Пешайвоннинг бир бурчагида,
Орзулардан чиқариб қанот.
Бир болғаю, битта мих билан
Ясаяпсан улкан самолёт.
Сўнг юрасан, ботгунча офтоб,
Эргашади қўй-қўзиларинг.
Қўлингдаги сеҳргар - китоб
Кўзларингга тўкар сирларин.
Оқшом ҳазин сукунат тутар,
Баланд тоғлар этакларини.
Тушингда ҳам кўриб чиқасан
Отанг айтган эртакларини.
Сипқорасан зилол сувларин
Бешбармоқнинг булоқларидан.
Куч оласан, қувват оласан,
Адирлари, ўтлоқларидан.
Улғаясан, хуррам, бахтиёр,
Капалакни яхши кўрасан.
Эй болакай, кўкка интизор –
Сен фалакни яхши кўрасан.
Сой ёқалаб борган сўқмоқлар,
Мактаб томон йўл очар шўхчан.
Устоз сенга берган сабоқлар
Вужудингда ёқади гулхан.
Билим боғи чексиз, беҳудуд,
Қалбда улкан ҳавас уйғотар.
Теваракка боқасан хушнуд,
Орзуларинг тонг каби отар.
Лол боқади тоғ боласига,
Маҳв этасан нечаларини.
Тўлдирасан тоғ нафасига
Лондон, Париж кўчаларини.
Хотирангни безар, то ҳаёт,
Болаликнинг шодон чоғлари.
Сенга тутиб турибди сабот
Нуротанинг азим тоғлари.
Энди маҳкам боғла белингни,
Жонсарак бўл, жон пайваста бўл!
Қаддин баланд кўтар элингнинг,
Ватан учун камарбаста бўл!
Фахриддин Ҳайит